Божхона брокерлиги: “хабардор қилиш” тартиби яширин иқтисодиётни қисқартирдими?
Божхона брокери фаолиятини “хабардор қилиш” асосида ташкил этиш масаласи кўтарилганида, бу ташаббуснинг асосий мақсади сифатида бир муҳим омил кўрсатилган эди: нақд пул орқали фаолият юритаётган “қора брокерлар” сонининг кескин ортиши ва шу орқали яширин иқтисодиёт улушининг кўпайиб кетгани.
Мантиқан қараганда, “хабардор қилиш” деган атаманинг ўзи тадбиркорликни енгиллаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ва соҳани қонуний майдонга олиб чиқишга хизмат қилиши керак эди.
Ахир бу тартиб, худди ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатдан ўтказиш каби, солиқ органининг шахсий кабинети орқали бир тугмани босиш билан амалга ошириладиган содда жараён бўлиши лозим эмасмиди?
Аммо амалиётда вазият мутлақо бошқача шакл олди.
Номи “хабардор қилиш” бўлгани билан, амалда бу тартиб айрим ҳолатларда лицензия олиш жараёнидан ҳам мураккаб ва қимматга тушмоқда.
Фаолиятни бошлаш учун камида икки нафар ходимни ўқитиб, уларга малака сертификати олиш талаб этилади. Бунинг ўзи 5–6 миллион сўм атрофида харажат демакдир. Бундан ташқари, божхона тўловлари таъминоти учун 7–8 миллион сўм маблағга суғурта қилиниши шарт. Устига-устак, божхона органини расман хабардор қилиш учун ҳам алоҳида тўлов — тахминан 200 минг сўм ундирилади.
Якунда, брокерлик фаолиятини бошлашнинг дастлабки харажати 1000 АҚШ долларидан ҳам ошиб кетмоқда.
Энг муҳим савол: бу харажатлар ва талаблар соҳадаги яширин иқтисодиётни қисқартиришга қай даражада хизмат қилди?
Ўтган давр мобайнида яширин ишлаётган брокерлар сони ҳақиқатда камайдими? Нақд пулда ишлаб келган, хизмат ҳақини расмийлаштирмасдан оладиган “қора брокерлар” бозордан чиқиб кетдими? Ёки янги тартиб фақат қонуний ишлаётган ҳалол брокерлар зиммасига қўшимча молиявий юк бўлиб тушдими?
Шахсан мен таниган кўплаб брокерлар фаолиятида амалда сезиларли ўзгариш кузатилмади. Илгари ҳам нақд пулга ишлаб, арзимаган суммага счёт-фактура расмийлаштириб келган бўлса, ҳозир ҳам худди шу амалиёт давом этмоқда. Демак, тартиб ўзгарган, аммо бозордаги реал муносабатлар деярли ўзгармаган.
Бу ерда яна бир жиддий масала бор: нега божхона брокери аслида божхона тўловчиси ҳисобланмаган ҳолда, БҲМнинг 1000 баробари миқдорида таъминот маблағини қўйиши керак?
Бу талабнинг иқтисодий ва ҳуқуқий мантиғи кўпчилик учун ҳалигача тушунарсизлигича қолмоқда. Агар брокер фақат воситачи бўлса, нега у тўловчи сифатида шунча катта молиявий кафолат беришга мажбур?
Бундан ташқари, ой давомида уч марта бир хил графалар бўйича хатоликка йўл қўйилса, қайта малака ошириш курсларига юбориш талаби ҳам қўйилган. Албатта, соҳада сифат ва масъулият муҳим. Аммо бу талаблар амалиётда малака оширишдан кўра, қўшимча босим ва харажат механизмига айланиб қолмаяптими?
Энг асосий савол: қабул қилинган қонун ва қарорлар ҳақиқатда яширин иқтисодиёт улушини камайтирдими, ёки фақат қонуний ишлаётган брокерлар учун харажатлар ва бюрократик тўсиқларни кўпайтирдими?
Агар мақсад “қора бозор”ни қисқартириш бўлса, натижа рақамларда ва амалиётда кўриниши керак. Акс ҳолда, “хабардор қилиш” деб номланган тартиб бокерларга қўйилган бюрократик тўсиқ ва қўшимча харажатдан бошқа нарса бўлмай қолади.
🕊 @rastamojka_uz